Сайтка кириу

ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОНИ ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб беради

2017 йил 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

* Фармон билан ички ишлар органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг янги тизими ўрнатилмоқда.

* Ички ишлар органлари қуйи бўғини фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида Фармон билан туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиғи лавозимини жорий этиш кўзда тутилмоқда. Унинг зиммасига профилактика инспекторлари ишини, авваламбор, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш вазифаси юклатилади.

* Шу билан бирга, Фармонда тизимда қатор ташкилий ўзгартишлар қилиш назарда тутилган.

* Фармонда қайд этилган асосий вазифаларни бажариш бўйича зарур ташкилий ва ҳуқуқий механизмларни амалга ошириш мақсадида Ички ишлар органлари тизимини тубдан ислоҳ қилиш комплекс чора-тадбирлар  Дастури тасдиқланди.

* Фармон ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб беради. Унинг ижросини таъминлаш, қонун устуворлигига эришиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ўз вақтида амалга ошириш, ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади, пировард натижада эса фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида ички ишлар органлари бутун тизими ва ҳар бир ходим фаолияти самарадорлиги ошади.

 

amunews.uz дан олинди.